ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг Тошкент шаҳридаги М.Улуғбек туманидаги уйи сотувга қўйилди, дея ёзади ЎзА.
Мазкур мулкнинг очиқ аукцион савдосига қўйилган бошланғич баҳоси 10 007 940 000 (ўн миллард етти миллон тўққиз юз қирқ минг) сўм. Турар-жой биноси 10 та хонадан иборат.
Таъкидланишича, мулк собиқ прокурорнинг турмуш ўртоғи номида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2000 – 2015 йиллар давомида Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров суд ҳукми билан 10 йил озодликдан маҳрум этилган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.