"Эти сизники эмас": Термизда шогирдларига куч ишлатган тренер ишдан олинди

Тренерга аввалига ҳайфсан эълон қилинган эди, бироқ қўпол ҳаракатлар акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, у билан шартнома бекор қилинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 ноя - Sputnik. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати шогирдларига куч ишлатган ва қўпол муомала қилган кураш бўйича тренер Аббос Ҳасанов ишдан олингани ҳақида хабар берди.

Спорт сиёсатдан ҳоли: Вукоевич терма жамоадаги фаолиятидан четлатилди

Хабарда айтилишича, жорий йил 23 сентябрь куни кураш бўйича тренер Аббос Ҳасановнинг 21 сентябрь кунги машғулотларга сабабсиз келмаган ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

Видеода кадрларда Ҳасанов шогирдларига қўпол сўзлар айтиб, уларга нисбатан куч ишлатган ҳамда педагогика этикасига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни содир этгани акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилнинг 11 октябрида Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида йиғилиш ўтказилган. Унда тренер Ҳасановнинг ўқувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги ҳамда куч ишлатганлиги муҳокама қилинган.

"Ифтихор" ФК директори ва катта мураббийи футболдан бутунлай четлатилди

Йиғилиш якунида Ҳасановга педагогларга хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун интизомий чора кўриш белгиланган, жумладан, Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан Аббос Ҳасановга нисбатан "ҳайфсан" интизомий жазо чораси берилган.

Бироқ, мазкур видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, Сурхондарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан содир бўлган ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати директорининг буйруғига асосан 2019 йил 14 ноябрдан эътиборан тренер Ҳасанов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.