Ҳар ким тунда кўчада юришга ҳақли – Сенат изоҳи

Ўзбекистонда тунда юриш зўравонлик қурбони бўлишга сабаб бўлади дегани эмас - Сенат айрим "тарбиячиларга" жавоб қайтарди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Номуси топталган қашқадарёлик аёл масаласи Сенат назорати  остида, деб хабар қилмоқда Сенат матбуот хизмати.

Қашқадарёда 5 нафар эркак томонидан зўрланган аёл ишига оид янги тафсилотлар очиқланди

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Қарши шаҳрида 5 нафар фуқаролар томонидан зўрлангани Postda.uz нашрида хабар қилинган эди. Ўша хабарда “эътибор берган бўлсангиз, воқеа ярим тунда содир этилган. Ҳақли савол туғилади: ёш қизнинг шу пайтда сабабсиз кўчада юришига ота-онаси қандай йўл қўйиб берди экан. Бу ҳам оилада тарбия масаласига эътиборсизликдан бири эмасми?”, - деган сўзлар бор эди.

Воқеадан кейин ҳам ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлди. Айрим фуқаролар мақола муаллифининг ушбу қарашига хайрихоҳлик билдиришди.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бу ҳолатни фақат ана шу омил билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидлайди.

“Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ,”- дейилган қўмита баёнотида.

Шунингдек, маълум бўлишича, бу аёл ўз оиласини боқиш истагида умумий овқатланиш жойларидан бирида официант бўлиб ишлаган ва уйига қайтаётган вақтда айрим нияти бузуқ шахслар томонидан таҳқирланган.

Шу билан бирга Сенат баёнотида масалага бундай тор маънода ёндашиш Ўзбекистонда тунда юриш зўравонлик қурбони бўлишга сабаб бўлади деган мутлақо нотўғри қарашларнинг шаклланишига ҳамда республикада қонун устуворлиги ҳақида янглиш фикр пайдо бўлишига олиб келади, деган.