ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланган аёл ўз оиласини боқиш истагида умумий овқатланиш жойларидан бирида официант бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Сенат Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ушбу жиноят иши бўйича мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилишини кузатиб боришини маълум қилди.
Кўнгилсиз воқеага учраган бу аёлнинг тунда кўчада юргани ёки ахлоқий юриш-туриши мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилгани афсус билан қайд этилган.
Хабарда аёл кишининг эркинлигига тажовуз қилинган ва жиноят содир этган шахслар қонун олдида жавоб бериши муқаррарлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарёда 5 нафар эркак 26 ёшли аёлни зўрлагани ҳақида Postda.uz газетаси хабар қилган эди.
“Ҳайратланарлиси эса, эътибор берган бўлсангиз, воқеа ярим тунда содир этилган. Ҳақли савол туғилади: ёш қизнинг шу пайтда сабабсиз кўчада юришига ота-онаси қандай йўл қўйиб берди экан. Бу ҳам оилада тарбия масаласига эътиборсизликдан бири эмасми? Бу каби саволлар кўп. Лекин бу сингари саволларни жиддий ўйлаб кўрмасликнинг оқибати жиноятлар келиб чиқишига сабаб эмасми?!”, - дея ёзганди ўшанда нашр.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда нашр сайтидан ушбу хабар ўчириб ташланган.