Ўзбекистонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари очилади

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этиш таклифи тайёрланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 ноя – Sputnik. “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

Ўзбекистон президенти никоҳ ёшини тасдиқлади

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилган ҳужжатда.

Лойиҳада ёзилишича, марказларнинг асосий вазифалари:

- замонавий оиланинг намунали шаклини хамда “Оила жамият ва давлат химоясида” конституциявий принципини, “Фаровон оила - жамият равнақининг асоси” концептуал ғоясини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;

- никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

- никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

- машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;

Аёллар ва эркаклар никоҳ ёши тенглаштирилди

- ёш оила ҳолати ва ривожланишини ҳар томонлама ўрганиш, жумладан мониторинг тадқиқотини ташкил этиш.

Ҳужжатга ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида низом лойиҳаси илова қилинган.

“ФҲДЁ органи томонидан никоҳга кириш учун ариза берган шахсларга марказларда бепул ва ихтиёрийлик асосида қуйидаги йўналишлар бўйича ўқишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот берилади: оилавий-ҳуқуқий муносабатлар; оилавий турмуш психологияси; репродуктив саломатлик асослари; ота-оналик ижобий кўникмалари; иқтисод ва оила бюджети; маънавий-аҳлоқий қадриятлар.

ФХДЁ органи томонидан ҳар 10 кунда ўқишга розилик берган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади ва Марказга тақдим этилади”, - дейилган ҳужжатда.