Ўзбекистон стратегик объектларининг бирида навбатдаги талон-тарожлик

Ўтказилган текширувлар натижасида истеъмолчиларга етказиб берилган нефть маҳсулотларини автотарози орқали харидор ҳақидан уриб қолиш, нефть маҳсулотларини ўзлаштириш, қатор камомад ва ортиқчалик ҳолатлари аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 нояб - Sputnik. “Ўзнефтгазинспекция” томонидан республика бўйлаб назорат тадбирлари ўтказилиши давом эттирилмоқда, хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Навбатдаги текширув ишлари Пахта нефть базасида бўлиб, ушбу жамият томонидан нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, тарқатиш, кирим-чиқиш ҳисобининг юритилиши ўрганилганда жами 2,7 млрд. сўмлик манбаалар аниқланди.

Республиканинг йирик нефть базаларининг бирида катта ҳажмда ўғрилик ҳолати аниқланди

Жумладан, нефть маҳсулотлари сиғимларидаги маҳсулотнинг ҳақиқий қолдиғи билан ҳисобхона қолдиғи таққосланганда жами 300,0 млн. сўмлик 32,0 тонна камомад ҳамда 0,476 млн сўмлик 0,083 тонна ортиқчалик мавжудлиги аниқланди.

Жорий йил мартдан-октябрга қадар истеъмолчиларга етказиб берилган нефть маҳсулотларини автотарози орқали харидор ҳақидан уриб қолиш ҳисобига 1 млрд 614 млн сўмлик 222,5 тонна нефть маҳсулотлари ўзлаштирилганлиги маълум бўлди. (Маҳсулот қиймати 2019 йил 10 октябрь ҳолатига бўлган ўртача биржа котировкалари асосида ҳисобланган).

Шу билан бирга берилган баёнотга кўра, жамиятдаги 26-сиғимда сақланаётган 111 468 кг миқдордаги  мойнинг сифати ГОСТ 8581-78 талабига мувофиқ эмас, яъни маҳсулот сифатсиз деб топилган. (Маҳсулот қиймати 2019 йил 7-11 октябрь ҳолатига бўлган ўртача биржа котировкалари бўйича 828,8 млн сўмни ташкил қилади).        

Аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо билан боғлиқ ҳолатларда ҳам камчиликлар қайд этилди. Текширув давомида нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилмаганлиги қайд этилди. Ҳудудга кираверишдаги автомобиль тарозилари қасддан ўзгартириб қўйилган ҳамда автоцистерналар оғирлиги 140 килограммгача камайтириб кўрсатилган.

Натижада, сўнгги ярим йил ичида қарийб 222,5 тонна турли хилдаги нефть маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилмай ўзлаштирилгани аниқланди.

Айни пайтда пахта нефть базасининг фаолиятини текшириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида давом этмоқда. Текширув натижасида ҳужжатлар тегишли органларга топширилди.