АҚШ ўзбекистонлик мигрантларга эътиборни кучайтирган - ИИВ баёноти

Ўзбекистон ИИВ тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакатда "Грин-карт" аризаларининг деярли ярмини ушбу фаолиятни "бизнес"га айлантириб олган одамлар томонидан тўлдирилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 ноя - Sputnik. Ўзбекистон ИИВ сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан "Грин-карт" дастурига қизиқиш кучайганлиги ҳолати юзасидан ахборот берди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Россия Грин-кард лотереясини таъқиқлаб қўйиши мумкин

Ўзбекистон ИИВ раҳбари матбуот котиби Шохрух Гиясов миграция глобал трендлари ва объектив сабаблар ҳақида тўхталар экан, давлат ривожланиши билан фуқаролар мобиллиги ошиши табиий ҳолатлигини таъкидлади.

"Уларнинг ўқиш ва яшаш учун қулай шароит қидиришлари - бу табиий ҳол", - деди Гиясов.

Қайд этилишича, 2018 йилда дунё миграцияси бўйича докладга кўра, бутун дунёда мигрантлар сони жами 244 миллион киши (Ер юзи аҳолисининг 33%и)ни ташкил этган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1,2 миллион (3,6%)ни ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткич ҳисобланади, деб қайд ИИВ раҳбари матбуот котиби.

ИИВ вакили сўзларига кўра, Грин-карт лотереяси АҚШга ўз аҳолисини ўзгартириши, янгилаб олишига ёрдам беради. 

"Қайси давлатда миграция кам бўлса, улар (АҚШ, - таҳр.) томонидан шу давлатга эътибор кучайтирилади. Ўзбекистонга ҳозир эътибор кучайган, сабаби АҚШда Ўзбекистондан мигрантлар сони кам", - дея тушунтирди у.

АҚШ мигрантларга грин-карта бериш талабини кескинлаштирмоқчи

Ўзбекистон ИИВ тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакатда "Грин-карт" аризаларининг деярли ярмини ушбу фаолиятни "бизнес"га айлантириб олган одамлар томонидан тўлдирилмоқда. Фирибгарлар шу фуқароларни шахсий ҳужжатлари нусхалари асосида, паспорт эгалари хабарисиз тўлдириб, ютуқ чиқадиган бўлса, улардан маълум моддий маблағларни талаб қилиб келишмоқда.

"Бизларда шундай маълумотлар борки, айрим фуқаролар мингтагача фуқаролар номидан анкета тўлдириб, "Грин-карт" ютган 30 дан ошиқ фуқарога товламачилик қилишган. Бунда алдов, қўрқитиш, айрим ҳолларда шантаж усулларидан фойдаланилган", - деди Гиясов.

Ўзбекистон ИИВ мамлакат фуқароларини "Грин-карт" лотереясини бизнесга айлантирган бундай шахслардан эҳтиёт бўлишга чақириб қолди.