Ҳеч бир рейс етказишни хоҳламаган “ётоқ” бемор Ўзбекистонга олиб келинди

Краснодар ўлкасида ҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. У жуда жиддий жароҳат олган эди. Шу сабабли уни Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Россиянинг Краснодар ўлкасида ҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароси Равшан Тўхтаматов 5 ноябрь куни Ўзбекистонга олиб келинди.

Кореяда комага тушиб қолган ўзбекистонлик соғлиғи тўғрисида маълумот берилди

Беморни ватанга қайтаришда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бирлашган.

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги берган маълумотларга кўра, Краснодар ўлкасида 5 нафар фуқаро ЙТҲга учраган. Улар орасида ушбу фуқаро ҳам бўлган.  

У жуда жиддий жароҳат олган, унда суяк синишлари, ички аъзоларининг лат ейиши, миясида жиддий жароҳат ҳамда гемотома қайд этилган. “Ётоқ” беморини самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.