Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг бўлиш муддати узайтирилиши мумкин

Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда бўлиш муддати 30 кунни ташкил этади. Қозоғистон фуқаролари эса Ўзбекистонда 90 кун бўлишлари мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Парламенти аъзолари билан учрашди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, икки томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар суръати узлуксиз ошиб бормоқда, бу эса икки давлат манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Қайд этилишича, икки мамлакат президентлари томонидан 2020 йил охиригача икки томонлама савдо ҳажмларини 5 млрд. АҚШ долларигача ошириш, савдони диверсификациялаш, иқтисодий кооперация ва инвестициявий ҳамкорликнинг, шу жумладан, минтақалараро ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини ривожлантириш вазифаси қўйилган.

“Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги фаоллашганлигини, шунингдек икки мамлакат фуқароларининг ўзаро сафарлари кўпайганлигини инобатга олиб, Танзила Норбоева консуллик соҳасидаги айрим масалаларни, жумладан, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари бўладиган муддатни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда Сенат раҳбари ҳам икки томонлама алоқаларда, ҳам турли долзарб масалаларни ҳал этишда парламент дипломатияси энг муҳим ташқи сиёсий ресурс сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

Танзила Норбоева Қозоғистон президенти билан учрашди

Хабарда Норбоева ҳудудларда фаолият олиб борувчи депутатлар билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришни таклиф қилгаи қўшимча қилинган.  Таъкидланишича, бу жойларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда бўлиш муддати 30 кунни ташкил этади. Қозоғистон фуқаролари эса Ўзбекистонда 90 кун бўлишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Танзила Норбоева Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Дарига Назарбоева ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев билан учрашгани хабар қилинган эди.