Мирзиёев ва Медведев учрашуви: қандай масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон президенти Россия Федерацияси ҳукумати раисини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш борасидаги ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 ноя – Sputnik. 1 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Дмитрий Медведев Тошкентга келди

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва кооперацион алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Нефть-газ, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар, жумладан, фан, таълим ва туризм соҳасидаги шериклик кенгаймоқда.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонларнинг БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши таъкидлаб ўтилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш борасидаги ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди.