ТОШКЕНТ, 30 окт - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари Саида Мирзиёева хайрия ярим марафонининг асл мақсади ҳақида гапирди ҳамда маданият ва санъат объектлари ҳаммабоп ва инклюзив бўлиши учун Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди.
БМТ маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг 15% ини, яъни 1 миллиарддан ортиғини у ёки бу шаклда кўриш қобилияти бузилган шахслар ташкил этади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда республикада 710 минг нафардан ошиқ имконияти чекланган шахс рўйхатга олинган.
Саида Мирзиёева Самарқандда ўтказиладиган ярим марафоннинг асосий мақсади ҳақида тўхталар экан, бу инклюзия ва инклюзив муҳитни яратишга доир хайрия лойиҳаси эканлигига эътибор қаратди.
"Инклюзия – бу бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Унга кўра, саломатлигидан қатъий назар ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим. Самарқанд ярим марафони асл мақсади ҳам шу", - деди у ва бу каби - жамоатчилик эътиборини маданият объектларидаги инклюзивлик муаммосига қаратиш ғояси билан суғорилган тадбирлар давомли кўринишда ўтказилиши лозимлигини қўшимча қилди.
Саида Мирзиёевага кўра, ярим марафонни ўтказиш учун бежиздан Самарқанд шаҳри танланмаган.
"Миллий-маданий, тарихий меросимизнинг катта қисми айнан шу ҳудудда жамланган. Бироқ бу маданий бойликлардан ҳамма ҳам бемалол фойдалана оладими? Бунинг учун имконияти чекланган шахсларга қанчалик қулайликлар яратилган? Ушбу лойиҳага тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон Маданияти вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзивлик муаммоларига оид изланишлар олиб борди. Республикамиздаги театр, музейлар ва кутубхоналарда тренинг ва мониторинглар ўтказилди. Ўзбекистондаги деярли барча маданият муассасалари инклюзив тоифа вакилларига мосланмаган", - хулоса қилди АОКА раҳбари ўринбосари.
Кўзи ожиз инсонга осон-қийинлигини ҳис қилиш учун Мирзиёева ОАВ вакилларига ўн дақиқа ўзларини инклюзив тоифа вакиллари ўрнига қўйиб кўришни таклиф этди.
"Фараз қилинг, ҳозир, йиғилишдан сўнг кўзингизни юмиб, хонадан чиқиб кетишга тўғри келса агар, худди шу ҳолатда зинадан тушиб транспортга ўтириб, ишга ёки бошқа манзилга йўл олсангиз... Беш-ўн дақиқа, нари борса ярим соат кўзингизни "чирт" юмиб яшасангиз... Тасаввур қилиш қийин... Кимлардир бу ҳолатда бир умр яшайди".
Мирзиёева ушбу марафон имконияти чекланган, соғлиғида муаммоси бор шахслар учун фойдалилигини яна бир карра таъкидлади. Ҳамда бундай ташаббуслар, инклюзив тоифа вакилларидан кўра, бизга, ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб биладиган, бу оламнинг неъматларидан бемалол баҳраманд бўладиган инсонларга зарурроқ эканлигини, токи “замонавий, тезкор дунёда кўнглимиз қотиб қолмаслиги, кўзимиз очиқ бўла туриб, қалбимиз кўр бўлмаслиги учун”.