Москвада патент нархи кўтарилиши кутилмоқда

Москва ҳукумати 2020 йилда меҳнат мигрантлари учун патент нархини кўтаришни режалаштирмоқда. Ҳозирги вақтда патент нархи 5000 рублни ташкил қилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Москва мэрияси меҳнат мигрантлари учун патент нархини кўтаришни режалаштирмоқда.

Россиянинг қайси минтақасида мигрантлар учун энг қиммат патент жорий этилган?

Бу ҳақда Москва ҳукумати президиуми йиғилиши материлларида айтилган.

Пойтахт амалдорлари таклифига кўра, патент нархи 350 рублга қимматлашади – ҳозирги 5000 рублдан 5350 рублга кўтарилади. Сўнгги марта патент нархи кўтарилиши сезиларли бўлиб, бирданига 500 рублга ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда патент нархи ойига 4500 рублини ташкил қилган. 2018 йилда Россияда меҳнат мигрантлари учун патентнинг максимал қиймати Узоқ Шарқ ва шимолий минтақаларда ўрнатилганди.

Россиянинг барча ҳудудлари орасида патентнинг ўртача нархи 3,9 минг рублни ташкил қилади.

Москва мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, Москвада рўйхатдан ўтиш ва патент бериш туфайли мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик икки баравар камайди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш бўйича бутун бир дастур қабул қилинди. Хусусан, улар Ўзбекистоннинг ўзида иш берувчини танлаши, ташкилий танлов асосида Россияда ишлаш учун кетишлари мумкин. Бундан ташқари, мигрантларга Ўзбекистонда уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилади, суғурта имтиёзлари ишлаб чиқилмоқда.