Қаршида тез ёрдамнинг эркак ва аёл шифокорлари аёвсиз калтакланди

Бемор ўлимини қайд этган шифокор ва фельдшернинг бош мия, бел, кўкрак ва бошқа аъзоларига тан жароҳатлари етказилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik.  Тез тиббий ёрдам ходимларига яна тажовуз қилинди, ҳатто аёл шифокорни ҳам аямасдан ноҳақ калтаклашди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

16 октябрь куни чақириққа асосан Депо кўчаси 28-уйга етиб боришган Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси шифокорларини, хонадонда жам бўлган кишилар томонидан шахсиятга тегадиган гаплар билан кутиб олишган. Хабарда айтилишига кўра тез ёрдам бригадаси 6 дақиқа ичида етиб келган. 

Яна бир тез ёрдам шифокори калтакланди, бу сафар - Самарқандда

Уй ичда 1967 йилда туғилган фуқаро ҳушидан кетган ҳолда ётган эди. Шифокор беморда ҳаёт белигиларини аниқлай олишмагач, биологик ўлимни қайд этишади. Буни эшитган марҳумнинг яқинлари фельдшер ва шифокорни, аёл киши бўлишига қарамасдан, қаттиқ калтаклашади. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.

Шифокор ва фельдшер РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келганда фельдшерда ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, шифокорда эса - ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг  лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда нейрохирургия бўлимида даволанмоқда.

“Тез ёрдам” чақириш маданияти – бу нима?

Марҳумнинг яқинлари жасадни РШТЁИМга олиб боришганда, реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлашган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ички ишлар бўлимига хабар берган.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ушбу ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида тиббиёт ходимларига нисбатан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади.