Россия ИИВ депорт қилинган мигрантлар сонини очиқлади

Россия Ички ишлар вазирлиги шу йил ўтган давр мобайнида депорт бўлган нолегал мигрантлар сони ҳақида маълумот берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 окт – Sputnik. Россия ИИВ ходимлари томонидан шу йил ўтган давр мобайнида миграция қонунчилигини бузган 2,5 минг киши депортация қилинди, деб маълум қилди Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой.

Россияда мигрантларга депортациядан суғурта таклиф этилди

“Йил бошидан миграция қонунчилиги бузилиши учун 30 мингдан ортиқ чет эллик жавобгарликка тортилди, 2,5 минг киши мамлакатдан чиқариб юборилди”, - деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, Россия фуқаролигини бериш ҳақида 20 тадан ортиқ аризаларга рад жавоби берилди.

Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 2020 йилда чет эл фуқаролари учун ишлашга рухсатномалар сони тўғрисидаги маълумотлар эълон қилди: 150 минг дона  рухсатнома берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари ноқонуний миграция каналларини ташкил қилганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқулладилар.

Энди ноқонуний миграция канали ёки жиноятда ёрдам берганлик учун бу ишда иштирок этган мансабдор шахслар 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.