Tesla камераси автомобил ёнига чизиб кетган аёлни видеога олди

Tesla автомобили эгаси, парковкада автомобил ёнига чизиб кетган кишининг видеосини Facebookда эълон қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 окт - Sputnik. АҚШнинг Колорадо штатида мактаб парковкасида ҳеч кимга халал бермай турган Tesla автомобилининг ён томонида кимдир узундан-узоқ чизиқ қолдириб кетди, деб хабар қилмоқда CBS телеканали.

Tesla компанияси энг янги Model Y᾽ни тақдим этди

Парковкада қолдириб кетилган автомобилни бироз ўтиб зарар етказилган ҳолда топиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Одатда бундай жиноятларни фош қилиш жуда қийин, чунки парковкада камералар анча узоқда ўрнатилган бўлади ва зарар етказган одам уларда яхши кўринмайди.

Бошқа автомобил бўлганида ғараз ниятли киши жазосиз қолиши мумкин эди, лекин шикастланган Tesla автомобили бўлгани туфайли воқеа давоми қизиқ бўлди. Ҳар бир Tesla Model 3 атрофида 9та камера ўрнатилган. Аслида ушбу камералар ҳайдовчисиз бошқарув режими - автопилот учун ўрнатилган. 

Чизиб кетилган автомобил эгаси, камералардаги ёзувларни ўрганиб чиқиб улардан бирида бу ишни кимқилганини аниқлади. Ўрта ёшли аёл машина ёнига калит билан чизиб кетган эди.

Шундан сўнг Tesla эгаси ушбу видеони ўз фейсбукига чиқарди. Унда у биринчидан Элон Маскка камера ўрнатгани учун раҳмат айтган. Иккинчидан ушбу аёлни таниган одамларга мурожаат қилган.

Видеолавҳа бир зумда кенг тарқалиб кетди. Бир кун ичида уни 200 мингдан ортиқ киши томоша қилган. Tesla эгаси унинг автомобили ёнини чизиб кетган аёлни тез орада топишга умид қилмоқда.