Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилувчи инспекциясига қўшимча вазифалар юклатилади

Давсувинспекция бошқарув ходимларига қўшимча 79 та штат бирлиги ажратиб, уларнинг чекланган сони 152 нафарга етказиш режалаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси тайёрланди.

Иссиқ сув, “ёпиқ тизим” ва тежамкорлик – Мирзиёев аниқ топшириқлар берди

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекцияларига (Давсувинспекция) қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатиш назарда тутилган:

- ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларни, шу жумладан ер ости сув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларда лойиҳа-смета ҳужжатларни таҳлил қилиш, қурилиш-реконструкция ишларида назорат ўрнатиш;

- ўтказилган технологик аудитда аниқланган эгасиз ва муҳофазасиз иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек сифатсиз ичимлик сув ишлаб чиқаришни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- сув таъминоти корхоналари томонидан ишлаб чиқилган технологик йўқотилган ичимлик сувнинг меъёрларини келишиш ва йўқотилган ичимлик сув ҳақидаги ҳисобларни асослилигини таҳлил қилиш;

- сув таъминоти корхоналари ичимлик сув сифатини таҳлил қилиш учун оладиган наъмуна нуқталарни келишиш ҳамда уларни лаборатория таҳлилидан ўтказилишида назорат ўрнатиш;

- юридик шахслар томонидан ичимлик сувнинг белгиланган лимитидан ортиқча сув олган истеъмолчиларга жарима санкцияларни қўллаш;

Ўзбекистонда “Ақлли сув” тизими жорий этилади

- сув таъминоти ва оқова сув чиқазиш хизматлари учун тарифларни декларация қилиш бўйича барча ҳужжатларни таҳлил қилиш, зарурий ҳолларда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Молия вазирлигига тарифларга ўзгартириш киритиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

- сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга беришни тенг ҳуқуқлилик ва ошкоралик асосида ўтказилишини назорат қилиш.

“2020 йил 1 январдан бошлаб, Давсувинспекция томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган назорат тадбирларини, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказилади”, - дейилган ҳужжатда.

Юклатилган қўшимча вазифалардан келиб чиққан ҳолда Давсувинспекция бошқарув ходимларига қўшимча 79 та штат бирлиги ажратиб, уларнинг чекланган сони 152 нафарга етказиш белгиланган.