Самарқандда туристларни чув туширган такси ҳайдовчиси тезда топилди

Хитойлик сайёҳлар адашиб такси ҳайдовчисига 2,5 миллион сўм тўлашган, ҳайдовчи эса пулнинг ортиқчасини меҳмонларга қайтариш ўрнига, лом-мим демай суриб қолган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 окт - Sputnik. Хитойлик уч нафар сайёҳ Самарқанддан Шахрисабзга бориб келиш учун такси ҳайдовчисига келишилган 250 000 сўм ўрнига 2 500 000 сўм тўлашди, деб хабар қилмоқда STV телеканали.

Йил бошидан буён Ўзбекистонга қанча турист келди

Ҳайдовчи эса, пулнинг ортиқчасини меҳмонларга қайтариш ўрнига, лом-мим демай кетиб қолган. Кейинроқ туристлар нима бўлганини англаб етишган ва Регистон майдонида туристик полицияга мурожаат қилишган.

Туристларда, таксининг давлат рақами  акс этган фотосурат бўлгани сабабли ЙПХ ходимлари бир зумда машинани топишган. “Виждонли” ҳайдовчи меҳмонларга пулнинг ортиқчасини қайтариб беришга мажбур бўлган.