Мирзиёев ННТларни рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган божни пасайтирди

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари пасайтирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

“Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича муҳокама натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади.

ҚҚС ўзгариши туфайли тадбиркорлар биринчи навбатда нима қилишлари керак

Бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

Шунингдек, қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

- республика, вилоятлараро ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараваригача;

- вилоят ННТлари учун – БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

Фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТни давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралга қадар Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида ННТлар раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.