ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik, Лев Рыжков. Москвадаги Киноижодкорлар марказий уйида Ўзбек киноси кунлари бошланди. Ўзбек фильмлари 6 кун давомида намойиш этилади. Россиялик томошабинлар эътиборига “Ўзбеккино” киностудияси томонидан ишлаган ҳам классик, ҳам энг янги фильмлар ҳавола қилинади. 3 октябрь куни Қозон шаҳрида фильмлар намойиши бўлиб ўтади.
Ўзбек киноси кунлари очилиш маросимида “Иссиқ нон” фильми юлдузи, “Киношок”нинг энг яхши аёл роли совринига эга бўлган Феруза Саидова ҳам иштирок этди. “Иссиқ нон” фильмида у Норгул – эри тирик бўла туриб бева қолган аёл (эри Россияга ишлашга кетиб, ўша ерда уйланган) ролини ижро этган. Саидова қаҳрамони оиласини боқиш учун ўзини аямайди.
“Мен Норгул образи билан Ўзбекистоннинг барча аёлларини кўрсатиб беришга уриндим, - деди Sputnik нашрига берган интервьюсида Феруза Саидова. – Мен томошабин аёллар оиласи ва фарзандлари учун нималар қилмаслигини англашларини, улар ҳар куни қиладиган муҳим, лекин кўринмас бўлган ишларни кўрсатишни хоҳладим. Ахир бу кўринмас ишлар замирида оила кун кўради. Норгул бутун дунёга: “Аҳволим ёмон! Ёрдам беринг!” дея жар солмайди. У қўлидан келган ишларни қилади. У ҳеч нарса қарамасдан фарзандлари рўзғор нима эканини билишларини хоҳлайди”.
Феруза Саидованинг тақдири у гавдалантирган қаҳрамон тақдирига жуда ўхшаб кетади: “Иссиқ нон”да Норгул барча ҳавасларидан воз кечган, актриса эса бир вақтлар қатор нуфузли кино лойиҳаларига рад жавобини берган.
“Менинг иккита кичик ёшдаги фарзандим бор эди – ўғлим ва қизим, - дея ҳикоя қилади Феруза. – Ҳозир улар, албатта, улғайишган, лекин улар кичкина бўлган вақтларида мен фильмга суратга тушишдан бош тортганман Ахир мен ўзбек аёлиман-ку. Оила мен учун биринчи ўринда. Ҳозир ҳам ҳамма лойиҳаларга розилик бермайман. Мен учун яхши драматургия муҳим. Иккинчиси профессиал жамоа бўлиш шарт. Мен ҳамиша сўрайман: ким либослар бўйича рассом, ким оператор? Ёшларга ишонаман, лекин бу инсонлар ўз ишининг устаси эканини билишим зарур”.
“Ўзимни комедия ва жангари фильмларида ҳам синашни истардим, - дейди Феруза Саидова. – Илгари бу каби фильмларда рол ижро этиш имкониятим йўқ эди. Лекин актриса сифатида ўзимни турли жанрларда синашни хоҳлайман”.
Энг янги тарихда илк бор
Ўзбек киноси кунлари очилишига турли томошабинлар ташриф буюрди: Москвада истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар, кино соҳасида таҳсил олаётган талабалар, кино ишқибозлари.
“Ўзбек киноси кунлари энг янги тарихда илк бор бўлиб ўтмоқда, - деди Sputnik нашрига Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихона вакили Зокир Зоитов. – Охирги ўзбек киноси фестивали бундан анча олдин – 80-йиллар охирида бўлиб ўтганди. Ўшандан буён бу сингари намойишлар бўлмаганди. Бу икки томонлама маданий ҳамкорлигидаги ажойиб воқеа ва янги қадам”.
Фестиваль давомида Россия кинематографик ташкилотлари ва йирик кинокомпаниялар билан маданий ҳамкорлик тўғрисида қатор битимлар имзоланиши кутилмоқда.
“Мосфильм киностудияси билан биргалик кино ишлаш ва реновация ва модернизацияда “Мосфильм” интеграция тажрибаси масалаларини муҳокама қилдик, - дея маълум қилди Sputnik нашрига “Ўзбеккино” миллий агентлиги халқаро бўлими раҳбари Умид Зунунов. - “Ўзбеккино” киностудияси ҳозирда ривожланмоқда, янги студиялар қурилмоқда, эскилари янги жиҳозлар билан таъминланмоқда. Биз бу борада “Мосфильм”га тажрибасига таяниш мумкин ёки мумкин эмаслигини муҳокама қилдик.
“Ўзбеккино” вакили амалий масалалар ҳам муҳокама қилингани маълум қилди. Масалан, “Ўзбекфилм” мутахассисларининг “Мосфильм”да амалиёт ўтказиш имконияти. “Иккинчи даражали” мутахассислар режиссёр ёрдамчилари, грим усталари, либослар бўйича усталарнинг стажировкаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, делегация Бутунроссия давлат кинематография институтига (ВГИК) ташриф буюриб, олийгоҳ ректори ва талабалари билан суҳбатлашди.
Россия “Госфильмофонд”и билан шартнома имзолаш кутилмоқда. Унга кўра Ўзбекистонга турли йилларда “Ўзбеккино” суратга олган рақамли кинотасмалар нусхаси топширилади, деди Умид Зунунов.
“Ушбу фильмлар рўйхати жорий йилнинг бошида тузилган эди, - дейди Умид Зунунов. Рўйхатдан 300 дан ортиқ картиналар ўрин олган. Биз умид қиламизки, Россия томони рақамли нусхаларни бепул тақдим этади.