Ислом - Россия тарихида чуқур илдиз отган анъанавий динлардандир

Россия аҳолиси орасида 2030 йилга қадар мусулмонлар сони салкам 50 %га ошиб 30 миллион кишига етиши кутилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 окт - Sputnik. Шу кунларда Сочида ўтказилаётган “Валдай” Халқаро мулоҳазалар клубининг XVI йиллик кенгаши доирасида "Россия ва ислом дунёси: томонлар аҳамияти ва ўзаро таъсири" мавзуида махсус сессия бўлиб ўтди.

Ислом – Россия тарихи ва маданиятида чуқур илдиз отган анъанавий динлардан бири. Россия ўз тарихи ва маданиятининг исломий таркибини қадрлайди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлган давлатдир.  

Клуб йиғилишининг иккинчи кунида замонавий Россия учун айниқса актуал бўлган диний экстремизм ва унинг сиёсатга таъсири муаммоси муҳокама қилинди. Бунда радикализм билан курашда ислом сиёсий-ҳуқуқий тафаккури марказларини жалб қилиш зарурияти таъкидлаб ўтилди.

"Ислом давлати" ўз қўпорувчи гуруҳларини Россия, Европа ва Осиёга ташламоқда - ШҲТ

Тадбирда эълон қилинган айрим статистик кўрсаткичларга ўқувчиларимизнинг диққатини қаратмоқчимиз.

Диндорлар сони бўйича ислом дини Россияда христианликдан кейинги ўринда бўлиб, мазкур дин намояндалари мамлакатнинг деярли барча регионларида истиқомат қилади ва улар 40 турдаги этносларга мансубдирлар.

Россиялик мусулмонларнинг аксариятини - 90% - суннийлар, қолган 10% ини шиа мазҳаби намояндалари ташкил этади.

Россия Федерацияси ҳудудларида уларнинг жойлашуви таҳлил қилинганда, хусусан, Шимолий Кавказ, Волга бўйи, Урал ва Жанубий Сибир ҳудудларидаги ихчам жойлашув қайд этилади.

Энг кўп мусулмонлар яшайдиган Россия ҳудудлари қаторида Татаристон, Бошқирдистон, Чеченистон, Доғистон, Ингушетия, Шимолий Осетия, Қабардин-Болқор, Қорачой-Черкес, Адигей республикалари ўрин топган.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, Россияда мусулмонлар сони сўнгги 80 йиллик даврда қуйидаги кўрсаткичларга тенглашди: 1937 йил - 5,9%, 1989 йил – 7,9%, 1994 йил – 8% ва жорий 2019 йил бу кўрсаткич 12%га тенг бўлди.

Прогнозларга кўра, мусулмонлар сонининг ўсиш кўрсаткичлари 2019 йил 15-20 миллионга, 2030 йил эса 30 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Москвада 1000 кишига мўлжалланган масжид қурилади

Мамлакат бўйлаб мавжуд масжидлар сони 1991 йилга нисбатан деярли 10 бараварга ўсганлигини кузатиш мумкин. Жумладан, 1991 йил уларнинг сони 870 та бўлган бўлса, 2015 йил бу сон 8000 тага етди.

Россияда аста-секинлик билан ўрта ва олий ислом таълими шаклланмоқда. Ҳозирда РФда 80 дан зиёд мусулмон диний ўқув юртлари фаолият юритмоқда.

“Валдай” Халқаро мулоҳазалар клуби 2004 йилда ташкил топган бўлиб, аввалдан фаолияти бутун дунёга Россия тўғрисида маълумот беришга йўналтирилган бўлса, ҳозирда бутунжаҳон сиёсий ва иқтисодий муаммоларига баҳо бериш ҳамда етакчи хорижий экспертлар иштирокида жаҳон тизими инқирозини олдини олиш борасида қарорларни қабул қилишдан иборат.