Давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам рўйхати тасдиқланади

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бюджет ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган касалликлар рўйхати тасдиқланди

Низомга мувофиқ, рўйхат ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли молия ва режали давр учун давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади.

Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади:

- шошилинч тиббий ёрдам;

- режали (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам;

- ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам;

- паллиатив тиббий ёрдам.

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.

Рўйхат тиббий хизматлар турлари ва ҳажмлари белгилаб олинган ҳолда, тиббиёт ташкилотлари даражаси бўйича шакллантирилади.

Ўзбекистон фуқаролари, республикада муқим яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл фуқаролари тиббий кўрсатмалар бўлганда асослантирилган мурожаатлар билан рўйхатга киритилган тиббий ёрдамни олиш ҳуқуқига эга бўлади.