Саудия Арабистони Ўзбекистондаги энергетика лойиҳаларига инвестиция киритмоқчи

Навоий вилоятида давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида умумий қуввати 100 МВт бўлган қуёшли фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуриш ва ривожлантириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилиш мўлжалланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 окт – Sputnik. Саудия Арабистони компаниялари Ўзбекистондаги энергетика лойиҳаларига инвестиция киритмоқчи.

Ўзбекистон энергетика вазирлигида Саудия Арабистони Қироллиги Ҳукуматининг Халқаро битимлар ва инвестициялар бўйича бош бошқармаси директори Бадромаль Мавган бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувда томонлар икки давлат ўртасида энергетика соҳасидаги салоҳиятли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. 

Saudi Aramco Лукойлнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари билан қизиқди

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун “GSS MEA Ltd” ва “Advanced Inspection Services Cooperation” компаниялари инвестицияларини жалб қилиш масалалари хусусида сўз юритилган.

“Навоий вилоятида давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида умумий қуввати 100 МВт бўлган қуёшли фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуриш учун хусусий шерикни топиш бўйича ўтказилаётган танлов савдолари делегациясининг алоҳида қизиқишини уйғотди”, - дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ФЭСни ривожлантириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилишга мўлжалланган. 

“GSS MEA Ltd.” Яқин Шарқдаги йирик компаниялардан бири бўлиб, у энергетика бозорида кўп йиллик тажрибага эга ва саноат кўламида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича мураккаб лойиҳаларни амалга оширишга қодир. “Advanced Inspection Services Co.” (AIS) - саноат инспекцион компанияси эса юқори сифатли хизматларни кўрсатишга йўналтирилган ишлаб чиқариш назоратини амалга оширади.