ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев узоқ муддатга қамалди

Ўзбекистон Харбий суди томонидан Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 сен - Sputnik. Бугун, 2019 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Харбий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизматининг (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, икки ойдан ортиқ давом этган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, уч юздан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.

Натижада, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Жиноятлар мажмуи тариқасида Ихтиёр Абдуллаев 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

ДХХ собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган - Йўлдошев

Шунингдек, суднинг ҳукми билан: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёрқин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Ҳидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндилар.

Қолган 15 нафар судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланди.

Отабек Муродов иши ДХХ собиқ раҳбари Абдуллаев жиноий иши доирасида кўриб чиқилмоқда

Бундан ташқари, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланди.