ТОШКЕНТ, 25 сен – Sputnik. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 %дан 15 %га тушириш ҳақида фармонни имзолади. Бу ҳақида Халқ сўзи хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, янги солиқ ставкаси 1 октябрдан амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин бўлиб ўтган тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда, президент қўшимча қиймат солиғи миқдорини камайтириш тўғрисида топшириқ берган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Осиёнинг ривожланаётган ва МДҲнинг қўшни давлатларига қараганда солиқ босими юқори. Буни Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки статистик маълумотларида бир неча бор акс эттирилган эди.
Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодчиларидан бири Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда тадбиркорликни илдам ривожлантириш учун солиқлар миқдорини сезиларли даржада камайтириш керак.