Ўғлига никоҳ ўқиган ота 7 суткага қамалди

Фарғонада ўз ўғли ва унинг иккинчи хотини учун никоҳ ўқиган отага етти кунлик маъмурий қамоқ жазоси берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 сен – Sputnik. Фарғона вилоятида ўғлига никоҳ ўқиб қўйган отага маъмурий чора кўрилди, деб хабар қилмоқда “Менинг юртим”  телеканали.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини маълум қилди

Никоҳ ўқиган отанинг иши Қўштепа туманида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суддан олдин ўтказилган суриштирувда аниқланишига кўра, айбланувчи дастлаб бир неча имом-домлаларга мурожаат қилган, лекин уларнинг барчаси рад  жавобини берган.  Шундан сўнг диний илми бўлмасада, ўғлининг  иккинчи хотини учун  никоҳ ўқиб қўйган.

Суд ушбу иш юзасидан отага 7 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Никоҳ ўқиган ота қўлида кишан билан суд залидан олиб кетилди.

Ушбу сайёр суд мажлисида шунингдек ваколат ва етарли даржажа илмий тайёргарлиги бўлмаган 7та ноқонуний диний мактаблар ташкил қилган шахслар иши кўриб чиқилиб уларга ҳам керакли чоралар кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, шаърий никоҳ Ўзбекистон қонунчилиги томонидан ҳеч қандай юридик кучга эга эмас. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида барча имомларга ФХДЁдан гувоҳномаси бўлмаган шахсларга никоҳ ўқишни қатъиян таъқиқлаб қўйган эди.