“Тез ёрдам”га тушаётган мурожаатларнинг 30%дан кўпроғи асоссиз чақириқлар – ССВ

“Тез ёрдам”нинг ҳар бир чақириқ жойига бориши давлатга каттагина харажатга тушади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги асоссиз мурожаатлар тиббий хизмат сифатига таъсир этишини маълум қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги асоссиз мурожаатлар тиббий хизмат сифатига таъсир этишини маълум қилди.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродовнинг сўзларига кўра, Бугунги кунда “тез ёрдам”га тушаётган мурожаатларнинг ўттиз фоиздан кўпроғини асоссиз чақириқлар ташкил этади.

“Буларнинг аксарияти сурункали касаллиги бор беморлардир. Пойтахтимиздаги “тез ёрдам” хизматига уларнинг баъзилари йилига 500 мартадан ҳатто 1000 мартагача мурожаат қилади”, - дейди у.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслоновнинг маълум қилишича, сурункали касалликларни даволаш “тез ёрдам” шифокорларининг вазифасига кирмайди.

“Тез ёрдам” шифокори касалликнинг ҳаёт учун хавф солиши мумкин бўлган белгиларини бартараф этади, холос. Бу беморга вақтинча енгиллик беради. Бемор дарддан тўла халос бўлиши учун умумий амалиёт шифокори назоратида туриб ёки шифохонада ётиб даволаниши керак”, - дейди Илҳом Аслонов.

“Тез ёрдам” чақириш маданияти – бу нима?

Унинг сўзларига қараганда, “тез ёрдам”нинг ҳар бир чақириқ жойига бориши давлатга каттагина харажатга тушади. Ана шундай асоссиз чақириқлар туфайли “тез ёрдам” хизматида тиғизлик юзага келади. Натижада шошилинч тиббий ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган беморларга ўз вақтида етиб бориш имконияти чекланмоқда.

ССВ маълумотларига кўра, “тез ёрдам”ни дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш сўнгги уч йил ичида 5,2 баробарга кўпайди, чақириқларни қабул қилиш, узатиш ва уларни мунтазам назорат қилиш маркази (Сall-марказ) фаолияти такомиллаштирилди. Бугунги кунда ҳар ўн уч минг нафар аҳолига битта “тез ёрдам” машинаси тўғри келади. Бу халқаро стандартларга тўла мосдир.