Сирдарёда Малайзия билан ҳамкорликда тадбиркорлик университети очилади

Малайзия “Binary” университети билан Ўзбекистон халқаро тадбиркорлик ва менежмент университетини ташкил этиш бўйича таклиф тайёрланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. “Сирдарё вилоятида “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент Университетини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Тошкентда яна бир хорижий университет ташкил этилади

 “Гулистон шаҳрида Малайзиянинг “Binary” Университети билан ҳамкорликда  Ўзбекистон халқаро “Binary” тадбиркорлик ва менежмент университетини  ташкил этиш бўйича таклифларига розилик берилсин”, - дейилган ҳужжатда.

Университетнинг асосий вазифалари:

- иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжни ҳамда амалга оширилаётган мақсадли ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

- хорижий мутахассисларни, шунингдек хорижда фаолият юритаётган ватандоршларимизни жалб этган ҳолда тадбиркорлик соҳасида фаолият юритувчи етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муасасалари билан кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро малака алмашинувини йўлга қўйиш;

- республика ҳудудларида, хусусан Сирдарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мавжуд тизимли муаммоларни фундаментал илмий-тадқиқотлар асосида ўрганиш ва тегишли ечимлар ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятларини ўрганган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида янги тадбиркорлик йўналишларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Президент фармони: техникумларни тугатганлар олийгоҳга имтиҳонларсиз киради

Университетнинг умумий фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

“бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади”, - дейилган лойиҳада.

Қарор лойиҳасида айтилишича, университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.