ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ матбуот хизмати тўй кортежлари учун жарима миқдорини эслатди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 129-моддасига асосан мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳозирги кунда бу миқдор 669.000 сўмни ташкил қилади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади. Айни вақтда бу 1.115.000 сўмни ташкил қилади.
Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси 4-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирги кунда бу 223.000 сўмни ташкил қилади.
Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариши, мазкур транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1285-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирги кунда бу 2.230.000 сўмни ташкил қилади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади. Ҳозирги кунда бу 4.460.000 сўмни ташкил қилади.