Эктор Купер саралаш ўйинларидаги мақсадини айтди

Фаластин-Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 сен – Sputnik. Фаластин-Ўзбекистон учрашуви олдигаги матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер кўзлаган мақсадини айтди.

Эктор Купернинг сўзларига кўра, биринчи ўйин ҳамиша жуда муҳим аҳамият касб этади. Саралаш ўйинларини 3 очко билан бошлаш жуда муҳим. Ўтказилган йиғин давомида мазкур ўйинга жиддий ҳозирлик кўрилган.

“Мақсадимиз – гуруҳда биринчи бўлиш. Бунинг учун биринчи галда ўз ўйинимизни яхшилашимиз, ўз ўйинимизни намойиш эта олишимиз лозим. Шунда рақиб зарур бўлса, бизнинг ўйинимизга қараб ҳаракат қилишга мажбур бўлади”, - дея иқтибос келтиради бош мураббий сўзларидан ЎФА.

У жаҳон чемпионатига йўл олиш учун биринчи навбатда бутун жамоа бирлаша олиши ҳамда ўз кучига ишона олишини талаб этишини таъкидлаган.

Фаластин- Ўзбекистон учрашувини бошқариб борадиган ҳакамлар маълум қилинди

“Тўғри, Ўзбекистон ҳали мундиалга йўл ола билмаган. Лекин имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бу гал биз мақсадга эришишимиз имкони бор. Фақат таркибдаги ҳамма ўз кучимизга ишона билиши лозим.  Жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзига хос сири ёки беркитадиган жиҳати йўқ. Бунинг учун жамоа ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги ҳамда битта мақсад сари интилиши зарур”, - дея хулоса қилган Эктор Купер.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон илк ўйинини эртага Фаластинга қарши ўтказади. Мазкур учрашув Фаластиндаги “Фаисал Ал-Ҳуссеини” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади.