ТОШКЕНТ, 3 сен – Sputnik. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонун президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи содир этилган зўравонлик ёки таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга.
Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.
Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.
Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.