Перуда қурбонлик қилинган 227 боланинг мозори топилди

Қурбонлик қилинган болалар 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган. Уларни Эл-Нино номи билан машҳур ҳодисани олдини олиш мақсадида тангриларга қурбонлик келтиришган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Перуда археологлар 500 йил илгари қурбонлик қилинган 227 нафар боланинг қолдиқларини топишди.

AFP хабарига кўра, қолдиқлар Перу пойтахти Лимадан узоқ бўлмаган Уанчако ҳудудида топилган.  Қолдиқлар  чиму маданияти вакилларига тегишли экани айтилмоқда.  

Маълум бўлишича, қурбонлик қилинган болалар 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган. Уларни Эл-Нино номи билан машҳур ҳодисани олдини олиш мақсадида тангриларга қурбонлик қилишган. Эл-Нино балиқларнинг нобуд бўлишига олиб келувчи иқлимнинг тўсатдан ўзгариши. Сув ҳарорати 29-30 даражагача кўтарилади ва тошқинлар юзага келади. Ана шундай вақтларда яхши об-ҳаво сўраш мақсадида қурбонлик келтирилади.

​Болалар тангриларни тинчлаштириш учун қурбонлик қилингани уларнинг юзлари денгизга қаратилгани далолат беради. Тадқиқотчилар маросимни ўтказиш вақтида ёмғир ёққанини аниқлашган. Шу билан бирга, айнан қайси йили болалар қурбонлик қилингани номаълум. Чиму вакиллари инклар босқини оқибатида 1475 йилда қирилиб кетган.