ТОШКЕНТ, 23 авг – Sputnik. “Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ва ҳудуд аҳолисининг фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳада 2020 йил 1 январига қадар Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси 5-уй (собиқ болалар боғчаси биноси) қайта таъмирлаш ҳамда 2020 йил 1 июнига қадар Шайхонтохур тумани Ц-13 мавзеси 412-сонли мактабгача таълим муассасасининг бир қисми ер майдонида мактабгача таълим муассасини қуриш белгиланган.
Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасалари учун умумий квотанинг 80 фоизи Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг фарзандлари учун ҳамда 20 фоизи худуд аҳолисининг фарзандлари учун ажратилади.
"Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Кадрлар бошқармасига ариза бериш йўли билан йўлланма орқали, худуд аҳолисининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади;
мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва капитал таъмирлаш ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, шунингдек ичимлик суви ва оқава сув ташқи муҳандислик тармоқларини кўчириш ҳамда қуриш, объектларнинг атроф ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади”, - дейилган ҳужжатда.