ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. Ўзбекистон ИИВ жорий йилнинг 14 август куни ижтимоий тармоқларда “Навоий вилояти Хатирчи туманида қиз болага пичоқ тираганлар” номи билан тарқалган видеони ўрганиб чиқди.
Аниқлик киритилишича, ушбу ҳолат Навоий вилоятининг Хатирчи туманида эмас, балки Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида 2019 йилнинг 10 июнь куни содир бўлган.
Шу куни Т.С., А.Қ. ва Қ.А.лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Нарпай туманининг Оқтош шаҳрида У.К.га тегишли бўлган “Тико” автомашинада Г.Р. билан ўзаро суҳбатлашиб ўтирган О.Қ., У.К. ва Д.С.ларнинг танасини турли жойларига уриб-тепиб, уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатишган.
Сўнгра уларга тегишли бўлган учта “Samsung” русумли уяли телефон, “Sony” русумли радиокарнайи, 750 минг сўм пул ва эркаклар кумуш занжирини қўлга киритганлар.
Шундан кейин ушбу ҳолатларни О.Қ.га тегишли бўлган “Samsung” телефонига тасвирга олиб, кейинчалик ушбу тасвирларни интернет тармоғига жойлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан босқинчилик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, А.Қ. ва унинг укаси Қ.А.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, Г.Р. таъкидлаб ўтган, унинг бўйнига О.Қ., У.К. ва Д.С.лар пичоқ тираб қўрқитганлиги ҳолати дастлабки тергов даврида ўрганилади.