ТОШКЕНТ, 17 авг - Sputnik. Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги "Оққўрғон деҳқон бозори"да савдо қилувчи аёллар ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасида юз берган можаро юзасидан расмий баёнот эълон қилди.
Маълум бўлишича, жанжал "Оққўрғон деҳқон бозори" ҳудудида фуқаро Даврон Қурбонов томонидан қурилаётган икки қаватли савдо мажмуаси туфайли келиб чиққан. Қурилиш ишлари бошланганида шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб ўтирган Э.А., Ю.А. ва Н.Б. исмли аёллар девор қурилса, савдолари юришмаслигини айтиб, жамоат тартибини бузишган. Улар бақир-чақир қилиб, усталар ва бозор раҳбарини ҳақорат қилишган ва қурилаётган деворни бузиб ташлашган.
Мазкур ҳолат бўйича бозор маъмурияти томонидан туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар келиб тушгач, Оққўрғон тумани ИИБ ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори тартиббузарликни бартараф этиш мақсадида, ҳодиса содир бўлган жойга етиб боришган. Бозорда савдо қилувчи юқорида санаб ўтилган аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишган.
Шундан сўнг, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар: Э.А., Ю.А. ва Н.Б.ларнинг тартиббузарлик содир этишларини олдини олиш чоралари кўрилган.
"Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ички ишлар органлари ходимлари бозор ҳудудида тартиббузарлик содир этаётган фуқароларга имкон қадар хушмуомалалик билан мурожаат қилишган. Аммо, аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, жамоат тартибини бузишга қаратилган ўз хатти-ҳаракатларини давом эттирганликлари сабабли, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий оқибатларга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқбузарларни туман ИИБга олиб бориш чоралари кўрилган ва суриштирув ишлари олиб борилган", - дейилади ИИВ расмий баёнотида.
Уларни махсус автомашинага олиб чиқилаётган ҳолати шу атрофда жараённи кузатиб турган фуқаролар томонидан қўл телефони орқали тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган.
Воқеа содир бўлган куни туман ҳокими ва унинг ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси шу ердаги аёллар билан суҳбатлашган ва ушбу аёллар айни вақтда ўз юмушлари билан машғул, дейилади хабарда