Самара яқинида заҳарланган Ўзбекистон фуқароларидан бири вафот этди

Иш берувчи Ўзбекистон фуқаролари даволаниши билан боғлиқ барча ҳаражатларни қоплашга тайёрлигини билдирган. Маълумотларга кўра, улар барчаси расмий ишлаган ва меҳнат шартномасига эга бўлган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Самара вилоятида заҳарланган 69 нафар Ўзбекистон фуқаросидан бири вафот этди, деб хабар қилди ТИВ матбуот-хизмати.

Самарада 68 нафар Ўзбекистон фуқароси номаълум моддадан заҳарланди

Қолган 48 нафари В.Д.Середавин номидаги Самара вилояти клиник шифохонасида ва 1-сон Тольятти шаҳар клиник шифохонасида қолмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир деб баҳоланмоқда.

"Ўзбекистон фуқароси О.С. вафот этди ва ҳозирда Бош консулхона марҳум ҳамюртимизнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда кўмак кўрсатмоқда", - дейилади хабарда.

Йигирма нафар ўзбекистонликка касалхонадан жавоб берилди ва улар иш жойларига қайтишди. Улар маҳаллий шифокорларнинг доимий кузатувида бўлиб турибди.

17 июль куни Самара вилоятида Ўзбекистоннинг 69 нафар фуқароси "номаълум модда билан заҳарланиш" ташхиси билан касалхонага олиб келинган.

Ўзбекистон фуқаролари Самара вилояти Сизран тумани Кошелевка қишлоғига қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш учун келганлар. Кейинчалик ТИВ берган маълумотларга кўра, улар "Кошелевский посад" корхонасида ишлашган.

Иш берувчи Ўзбекистон фуқаролари даволаниши билан боғлиқ барча ҳаражатларни қоплашга тайёрлигини билдирган. Маълумотларга кўра, улар барчаси расмий ишлаган ва меҳнат шартномасига эга бўлган.

Оммавий заҳарланиш сабаблари ҳали аниқланмоқда.