ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков республиканинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг мақоми гувоҳдан оғир жиноятда гумон қилинувчига ўзгартирилишини маълум қилди, дея ёзади Sputnik Қирғизистон.
“Агар шу пайтгача Атамбаев терговчи ҳузурига гувоҳ сифатида чақирилган бўлса, эндиликда унга оғир жиноятда гумон қилинувчи сифатида қаралади", - деди Жээнбеков парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида.
У мамлакатда қонун устуворлиги, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш мақсадида барча чоралар кўрилишини қўшимча қилди. Давлат аҳолининг иккига ажралиб кетишига ва беқарор вазият юзага келишига йўл қўймаслик учун куч ва воситаларга эга.
Бугун Қирғизистонда парламентнинг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтмоқда. Депутатлар собиқ президент Атамбаевни қўлга олишга уриниш билан боғлиқ бўлган вазиятни муҳокама қилишмоқда. Кеча амалга оширилган махсус амалиёт муваффақиятсизлик билан якунланди. Сўнгги маълумотларга кўра, 52 киши жабрланган, спецназлардан бири кўкрагидан олган жароҳати туфайли ҳалок бўлган. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков хавфсизлик кенгашида Атамбоев қуролли қаршилик кўрсатиб, конституция ва қонунларни қўпол равишда бузганини маълум қилган.