Америка Россияга киритилаётган янги санкциялар ҳақида маълумот берди

Санкциялар АҚШ савдо вазирлиги томонидан тасдиқланган товар ва технологиялар рўйхати доирасида экспортга доир қўшимча чекловларни жорий этмоқда. Улар фақатгина оммавий қирғин қуроли билан боғлиқ материалларни қамраб олади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 авг - Sputnik. Россияга нисбатан Скрипаллар иши доирасида киритилаётган санкциялар давлат қарзига чекловлар ҳамда халқаро ташкилотларга Москвага кредитларни тақдим этмаслик талабини ўз ичига олади, дейилади АҚШ Давлат департаменти баённомасида. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Хитой АҚШ санкцияларига қарамасдан Россия билан ҳамкорликни давом эттиради

"Санкцияларнинг иккинчи раунди қуйидагиларни ўз ичига олади: АҚШ Россияга халқаро молиявий ташкилотлар, жумладан Бутунжаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан ҳар қандай турдаги кредит, молиявий кўмак ёки техник ёрдам кўрсатилишига қарши бўлади", - дея таъкидланган идора баёнотида.

ХВЖ айни вақтда Россияда кредитлашни амалга оширмайди, АҚШ бунда бош роль ўйновчи Бутунжаҳон банки эса Москва ва Вашингтоннинг Украина бўйича келишмовчиликлари фонида янги лойиҳаларга чеклов киритган.

Бундан ташқари, яанкциялар АҚШ савдо вазирлиги томонидан тасдиқланган товар ва технологиялар рўйхати доирасида экспортга доир қўшимча чекловларни жорий этмоқда. Улар фақатгина оммавий қирғин қуроли билан боғлиқ материалларни қамраб олади.

"Давлатга қарашли ёки давлат томонидан молиялаштириладиган Россия компанияларига ушбу материаллар экспортига лицензия бериш таъқиқ презумпциясидан келиб чиққан ҳолда кўрилади", - дейилади давлат департаменти баёнотида.

Шу билан бирга мавжуд шартномаларни амалга ошириш борасида чеклов қўйилмаган.

Санкцияларнинг биринчи пакетидаги ҳолатда бўлгани каби, янги чекловлар 15 кундан сўнг, улар ҳақида АҚШ конгресси хабардор этилгач, яъни 19-августда кучга киради. Бу санкциялар камида 12 ой амал қилади, деб маълум қилмоқда давлат департаменти.  Москва халқаро инспекторларга "кимёвий қуролдан фойдаланмаслик кафолатини" намойиш этган ва "Солсберидаги ҳужум қурбонлари учун бадал" тўловини амалга оширган тақдирдагина чекловлар бекор қилиниши мумкин.

Россияга қарши янги америка санкциялари

Сал олдин АҚШ Скрипаллар иши туфайли Россияга қарши санкцияларнинг иккинчи пакетини киритаётгани маълум бўлди. Қўшма Штатлар таъкидига кўра, Москва америка қонуни доирасида талаб этилган кафолатларни тақдим қилмаган. Вашингтон Москвани бажармаганликда айблаётган "Кимёвий ва биологик қурол устидан назорат тўғрисидаги" қонун доирасида киритилган биринчи пакет санкциялар 2018 йилнинг 27 августида кучга кирган эди.

Путин: АҚШ плутонийни йўқ қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаяпти

ТИВ вакили Мария Захаровага кўра, Скрипаллар ишида кўриниб турган "очиқ фитна"га қарамай, ушбу ҳолатдан АҚШнинг "Кимёвий ва биологик қурол устидан назорат тўғрисидаги" қонуни доирасида санкция киритиш учун баҳона ҳамда Оқ уйнинг махсус ижро буйруғи сифатида фойдаланилмоқда.

Дипломат шунингдек, Кимёвий қуролни таъқиқлаш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, Россия бу қурол захираларини аллақачон йўқ қилгани ва халқаро инспекторлар бунга кўп марталаб амин бўлганликларини эслатиб ўтган.

Солсбери ҳодисаси

2018 йил март ойида Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида Бош разведка бошқармаси собиқ офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланган эди. Ушбу ҳодиса йирик халқаро жанжални келтириб чиқарди.

Лондон юз берган ҳодисада Россия қўли борлигини айтиб чиққан бўлса, Москва шу кунга қадар бу айбловларни инкор этиб келмоқда.