ТОШКЕНТ, 2 авг – Sputnik. Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларини ёнилғи ўрнида кўмирдан фойдаланишга ўтказиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
2017-2021 йилларда ғишт, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни, иссиқхона хўжаликларини босқичма-босқич муқобил ёнилғи турларига (кўмир) ўтказиш кўзда тутилган.
Кўмирдан фойдаланишнинг фойдалилигини ўрганиш мақсадида махсус таҳлилий ишлар ўтказилди. Бир қатор иссиқхона хўжаликлари ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда тажриба ўтказилди. Натижада, табиий газ ўрнига кўмирдан фойдаланилганда 45-55 фоиз миқдорида ёнилғини тежаш мумкинлиги ҳақида хулосага келинди.
Табиий газ етказиб бериш тақчил, вақт ўтгани сари ушбу муаммо чуқурлашиб бораётган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди. Бу жойларда кўмир нафақат қулай, балки зарурий муқобил ёнилғи экани маълум бўлди. Унга бўлган эҳтиёж ойига 411 тоннани ташкил этади.
Мамлакатда кўмирдан фойдаланиш учун зарур бўлган иситиш қозонларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бошланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, Чирчиқда кўмир қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2018 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғиштнинг 33 фоизи табиий газ ўрнига кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланаётган корхоналарда ишлаб чиқарилди. Мавжуд иссиқхона хўжаликларининг 27 фоизи кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.
2019 йил 5 ойида яна 94 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмирдан муқобил ёнилғи сифатида фойдаланишга мослаштирилди, 115 та иссиқхона кўмирдан фойдаланишга қарор қилди ва унга ўтишни бошлаб юборди.