ТОШКЕНТ, 30 июл – Sputnik. Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри аҳолисига қорақурт ўргимчаклари ҳужум қилмоқда, деб ёзади Zakon.kz нашри.
Гиперболик оксигенация маркази хабарига кўра, бугунга қадар Чимкентда 23 киши қорақурт чақишидан шикоят қилиб шифохоналарга мурожаат қилган.
“Бизга асосан тунда мурожаат қилишади, чунки қорақуртлар тунги соат 2дан кейин чақишни бошлайди. Ўргимчаклар кўчада ухлаётган одамлар тўшагига кириб олади”, - дейди Токсикология бўлими бошлиғи Асилхан Минбосынов.
Шифокор айтишига қараганда, қорақурт асосан эркакларни чақар экан. Ҳашорат чақиши дарҳол сезилади, лекин унинг заҳрининг асосий таъсири бир 10 дақиқалардан кейин сезилади: дастлаб бўинларда оғриқ пайдо бўлади, кейин кўкрак қафаси сиқилади ва ҳаво етишмай қолади, - дейди шифокор.
Жабрланганлардан бири айтишига қараганда, уни тунги қоровуллик вақтида оёғида оғриқ сезган. Шундан сўнг у қорақуртни кўриб, уни ўлдирган. Бир неча дақиқалардан сўнг ўзини ёмон ҳис қила бошлаган, оёқларини сезмай қолган ва нафас олиши оғирлашган. Тез ёрдам уни шифохонага олиб келган.
Шифокорлар айтишига қараганда, август ойининг охирида қорақуртлар яна фаоллашиши мумкин. Очиқ осмон остида ухлаганда қорақурт чақмаслиги учун тўшак яқинида қўй терисини қўйиш керак экан. Унинг ҳиди қорақуртларни қочирар экан. Лекин ушбу вақтда хавфсизлик мақсадида уйда ухлаган маъқул дейди шифокор.
Маълумот учун – қорақурт ёки “қора бева” ўргимчаги асосан Марказий Осиё чўлларида, Ўрта-ер денгизи ва Шимолий Африкада учрайди. Кўринишидан қоп-қора ўргимчакка ўхшайди, қорин қисмида қизил доғлари бўлади. Ҳар 12 ёки 25 йилда оммавий кўпайиш ҳолатлари учрайди. Қорақурт чақишидан уй ҳайвонларига жуда катта зарар келтириши мумкин.