Ўзбекистон Ҳаво йўллари уй ҳайвонларини ташиш қоидаларини тушунтириб берди

Ўзбекистон Ҳаво йўллари қандай уй ҳайвонларини самолёт ичида олиб ўтиш мумкинлигини айтиб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июл – Sputnik. Ўзбекистон Ҳаво йўллари ўз сайтида уй ҳайвонларини ташиш қоидаларини яна бир бор тушунтириб берди.

Ўзбекистонда ҳайвонларга озор берганлар учун жазо кучайтирилди

Хабарда, уй ҳайвонлари ва қўшларни самолётда олиб учиш қоидалари, авваломбор, йўловчи бораётган ёки транзит ўтаётган мамлакат қонунларига асосан белгиланиши айтиб ўтилган. Хусусан, йўловчи ўзи билан бирга олиб бораётган жонзот қабул қилаётган мамлакат талабларига мувофиқ, ветеринар органларнинг сертификатлари ва рухсатномаларига эга бўлиши керак.

Иккинчидан, жониворлар ва уларнинг контейнерлари оғирлиги йўловчилар учун рухсат берилган юклар ҳисобига кирмайди ва қўшимча юк сифатида тўлов олинади.

Учинчидан, самолёт салонида олиб учиш учун уй ҳайвони ва унинг қафаси вазни 8 кгдан ортиқ бўлмаслиги керак. Вазни 8кгдан ортиқ бўлган уй ҳайвонлари самолёт юкхонасига жойлаштирилади.        

Фақатгина кўзи ожиз кишиларга йўл кўрсатувчи итларни - вазни чекланмаган ва қўшимча тўловсиз олиб ўтишга рухсат берилади. Бунинг учун йўл кўрсатувчи итлар бўйинбоғ, тумшуқбоғга эга бўлиши, йўловчининг эса тегишли маълумотномаси бўлиши керак.