Янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида қуйидаги принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июл – Sputnik. Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Барча ҳарбий лицейлар - "Темурбеклар мактаби"га айлантирилади

Қарорга мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида қуйидаги принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди:

- Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Мудофаа вазирлиги таркибида);

- Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Давлат хавфсизлик хизмати таркибида);

- Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Ички ишлар вазирлиги таркибида);

- Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Миллий гвардия таркибида);

- Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида).

Қарор билан шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:

- Принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури;

- “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги низом;

- Ҳарбий-академик лицейнинг намунавий ташкилий-штат тузилмаси;

- Ҳарбий-академик лицейларга бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг рўйхати.

Янги шакллантирилаётган “Темурбеклар мактаблари”га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.