Ўзбекистоннинг олис қишлоқлари қачон газлаштирилади - "Ўзбекнефтгаз" жавоби

Хусусан, яқин келажакда ҳудудий газ таъминоти базасида "Худудгазтаъминот" АЖ ташкил этилиб, газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, мамлакат истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш билан шуғулланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июл - Sputnik. Қашқадарё вилояти Муборак туманида 17та қишлоқни қайтадан газга қўшиш имконияти бор. Туманни қайта газга улашнинг энг асосий талаби - бу ҳисоб тизимини жойига қўйиш ва эненерготежамкор ускуналардан фойдаланишдир, деди бугун журналистлар билан учрашувда "Ўзбекнефгаз" АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов.

Ўзбекистонда 2та янги газ кони топилди

Ўзбекнефтегаз раҳбарининг сўзларига кўра, агар шу талабларга амал қилинса, камида 4 мингга яқин аҳоли газ билан таъминланади.

У шунингдек, газопровод гази етказиб беролмаётган ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш ҳамда Энергетика вазирлиги билан биргаликда бундай ҳудудлар арзон кўмир билан узлуксиз таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини айтиб ўтди.

Сидиқов газ нархи оширилиши атрофида кўтарилган шов-шувларга ҳам ўз муносабатини билдирди ва газ нархини оширишдан кўзланаётган мақсад даромад кўриш эмаслигига аҳамият қаратди.

"Мана, газ нархи ошиши эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда ваҳима кўтарилиб кетди. Аслида ошадиган фоизи - 16-17%, лекин унга кетаётган ҳаражат-чи? Шу кечаю-кундузда "Ўзбекнефтгаз" ичидаги муаммоларни ҳал қилишимиз учун биз газ нархини икки баробар оширишимиз керак. Шу таклифни муҳтарам Президентимизга берган эдик, лекин жудаям катта танбеҳ билан қайтиб чиқдик. "Мумкин эмас!", дейилди. Шундан кейин ички резервларимизни кўрдик, нима қилсак олдимизда турган муаммоларни ҳал этсак бўлади деган саволни қайта кўриб чиқдик. Биз олдимизда турган муаммоларнинг 20 %ини нарх ошириш ҳисобига ҳал қилаяпмиз, қолган 80% ини  давлат ёрдами ва ички резервлардан тўғирлаяпмиз", - деди у.

Энди "Лукойл" Ўзбекистон ички бозорига ҳам газ етказиб беради

Сидиқов шунингдек, газ билан таъминлаш масаласи қачон ўз ечимини топиши масаласига ҳам тўхталди.

"Узоқ қишлоқларга газ қувурини олиб боришнинг иқтисодий жиҳатдан фойдаси йўқ. Шу боис, газ тарқатишни хусусий операторга беришни режалаштирганмиз. Балки улар бошқача бир концепция орқали газ билан таъминлаш тизимини тўғирлаши мумкиндир", - деди суҳбатдош.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан "Ўзтрансгаз" АЖни "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидан чиқариш ва унинг вазифаларини иккита устивор йўналишга ажратиш белгиланган.

Хусусан, яқин келажакда ҳудудий газ таъминоти базасида "Худудгазтаъминот" АЖ ташкил этилиб, газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, мамлакат истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш билан шуғулланади.