ТОШКЕНТ, 11 июл – Sputnik. Ўзбекистонда 2та янги газ кони топилди, деб хабар қилмоқда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати.
Қорақалпоғистондаги “Оралиқ” газ конида
Қарақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган, 1-қидирув қудуғининг чуқурлиги 3910 метрни ташкил этади. Синов ишларининг натижаларига кўра бу қудуқда табиий газнинг саноат оқимининг суткалик дебити 300 минг м3 миқдорида.
Бундан буён мазкур қудуқда маҳсулот бўлиши мумкин бўлган горизонтларни тадқиқ қилиш ишлари давом эттирилиб, қатламларнинг кўламини аниқлаш учун газ-конденсат тадқиқодлари ўтказилади. Бундан ташқари мутахассислар кон-геофизика тадқиқодларининг тўлиқ комплексини ўтказган ҳолда яна навбатдаги иккита – 2-сонли ва 3-сонли қидирув қудуқларини бурғилашади.
Фарғонадаги “Чақар” конида
“Чақар” структураси Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани ҳудудида жойлашган. Жорий йилнинг март ойида мутахассислар 2-қудуқни бурғилашни бошлашган. 2019 йил 10 июлида эса 1710 метр чуқурликда табиий газнинг саноат оқими олинди, унинг суткалик дебити 300 минг м3 миқдорида.
Яқин келажакда қатламларнинг кўламини аниқлаш учун газ-конденсат тадқиқодларини ўтказиш ҳамда кон-геофизика тадқиқодларининг тўлиқ комплексини ўтказган ҳолда яна иккита қудуқ бурғилаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бугунги кунда йилига 70 миллиард метр куб табиий газ ҳамда 8 миллион тонна суюқ угелводлар қазиб олади. Айтиш жоизки, заҳиралар тугаши муносабати билан сўнгги 15 йил давомида суюқ углеводлар қазиб олиш ҳажми кескин камайган. Табиий газ қазиб олиш ҳажми йилига ўртача 6 %га ўсиб келмоқда.