Жиззахда ЙХҲБ инспекторини калтаклаган фуқаро қўлга олинди

Фуқаро ЙХҲБ ходимининг погонини юлиб олиб, уни уриб, бўйин соҳаси ва чап елка соҳасига тан жароҳати етказган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл – Sputnik. Бош прокуратура матбуот хизмати Жиззахда ЙХҲБ инспекторига тан жароҳат етказган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар қилди.

Миллий гвардия ходими кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 7 июль куни соат 18:30 ларда Жиззах вилояти ИИБ ЙХҲБ инспектори О.Қ. Жиззах шаҳар, “Эски шаҳар деҳқон бозори” ҳудудида хизмат вазифасини бажариб, “Lacetti” русумли автомашина ҳайдовчисига маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтда, шу ердан ўтиб бораётган фуқаро С.Н. (1988 й.т.) маст ҳолатда, ИИБ ЙХҲБ ходимларини олдига келиб, уларни турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

ИИБ ЙХҲБ ходимлари уни тинчлантирмоқчи бўлганида, уларга қаршилик кўрсатиб, О.Қ.нинг погонини юлиб олиб, уни уриб, бўйин соҳаси ва чап елка соҳасига тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан С.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

С.Н. тегишли процессуал тартибда ушланган.