ТОШКЕНТ, 10 июл - Sputnik. Миллий гвардия ходими кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар қилишича, 9 июль куни соат 21:40 атрофида “Қўйлиқ” деҳқон бозори ёнидаги кўприк устидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлган аёлни кўриб бефарқ бўлмаган аҳолининг саъй-ҳаракатлари натижасида ИИБ ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ўз вақтида етиб келган.
“Ёрдамга ошиққан айрим фуқароларнинг тўхтаб туришга мажбур қилган қалтис вазиятда Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг тезкор ва ишончли ҳаракати аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди”, - дейилади хабарда.
Шундан сўнг фуқаро ҳудуд ИИБ бўлинмасига олиб борилган ва у билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Суҳбат натижасида 27 ёшли аёл турмуш ўртоғи билан оилавий жанжаллар сабабли ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлиги маълум бўлди. Ҳозирда фуқарога тиббий ва руҳий ёрдам бериш мақсадида мутахассилар жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳарбий-техник институт курсантлари ўз хизмат вақтида олов ичидан ҳушини йўқотган ҳомиладор аёл ва 3 нафар фуқарони олиб чиққани хабар қилинган эди.