Абдулла Ариповга Москва вилоятини бошқариш тизими намойиш этилди

Москва вилоятини бошқаришда қўлланилаётган замонавий тизимлар Абдулла Ариповда катта таассурот қолдирди.   
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл - Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Москва вилоятида Дмитрий Медведев билан учрашиб, бу ерда қўлланилаётган замонавий бошқарув технологиялари билан танишди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Медведев ва Арипов ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди

“Биз сиз билан тез-тез учрашиб турибмиз ва бу жуда яхши. Бу Россия ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар ўсишини англатади, бу иқтисодий ҳамкорлик янада чуқурлашаётганидан дарак беради”, - деди Медведев учрашув бошида.

Шунингдек, Россия бош вазири яқинда Тошкентда бўлиб ўтган ташрифи фойдали ва қизиқарли бўлганини қайд этди ва ўшанда Ариповга Москвада қўлланилаётган замонавий бошқарув технологиялари билан таништиришни ваъда берганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон бош вазири Москва вилоятида бўлган ташрифидан олган таассуротлари билан бўлишди.

“Бугун биз Москва вилоятида кўрган, юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда шундай йирик ҳудудни бошқариш жараёнлари, очиғини айтганда -  бизни ҳайратга солди”, - деди Арипов ва унинг ўзи ушбу соҳа мутахассиси эканини қайд этди.

Бунга жавобан Медведев бундан хабардор эканини ва айнан шунинг учун таклиф қилганини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов Тошкент алоқа институтини битирган ва электр алоқаси муҳандиси лавозимида бир неча йил ишлаган.