ТОШКЕНТ, 8 июл – Sputnik. Якшанба 7 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, «Ўзатом» агентлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддилари Фориш туманига ташриф буюриб, туман фаоллари иштирокида АЭС қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш борасида илк маротаба халқ билан мулоқотни амалга оширдилар, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Суҳбат давомида Ўзатом мутахассислари Ўзбекистонда қурилаётган АЭСнинг хавфсизлик даражасига алоҳида тўхталиб ўтишди. Мутахассислар Чернобыл ёки Фукусимадаги АЭС фожеалари Ўзбекистонда такрорланмаслиги учун қандай хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳақида батафсил айтиб беришди.
Хусусан, Ўзбекистонда қурилаётган АЭС 3++ - яъни янги авлод станцияси бўлиб, унда бошидан 21 та бир-бирини ҳимояловчи хавфсизлик тизимларии мужассам этилганини ва ушбу хавфсизлик тизимлари ҳатто инсоннинг АЭС фаолиятига нотўғри аралашишини чеклаш имкони эга эканлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, интернетда “Чернобыл” номли бадиий фильм намойиш қилинганидан сўнг, АЭС қурилиши ўзбекистонликлар томонидан ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган эди. Айрим блогерлар томонидан АЭС қурилиши Ўзбекистонда ҳам иккинчи Чернобил ҳодисасини вужудга келтириши мумкинми деган миш-мишлар тарқатишни бошлаган эди. Ушбу учрашувнинг ўтказилиши ана шундай асоссиз ваҳималар тарқалишига нуқта қўйди.