Россия ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев Россия ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни тўламаган чет эл фуқаролари мамлакатга киритилмаслигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ИИВ Федерал божхона хизмати билан биргаликда махсус маълумотлар ахборот базасини тузади.
Россия Давлат думаси депутати Евгений Москвичевнинг таъкидлашича, чет эл фуқаролари томонидан жарималар тўланмаслиги долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, чунки ягона мониторинг ва назорат тизими мавжуд эмас.
“Бутун дунёда хорижий ҳайдовчи ўзининг транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган бўлса, ўша давлатни жаримани тўламагунча тарк эта олмаслиги ёки агар жаримани тўламасдан чиқиб кетган бўлса, кейинги сафар мамлакатга киритилмаслиги ҳақидаги амалиёт мавжуд. Биз ҳам божхона органлари билан шундай тизимни жорий қилиш ниятидамиз. Афсуски, ҳозирча шундай вазиятнинг гувоҳи бўлиб турибмиз: қоидани бузди ва унутиб юборди, ҳеч ким буни назорат қилмайди ва унга тегишли чора кўрмайди”, - дейди Москвичев.
У бу каби тизим жорий қилиниши мазкур соҳадаги муаммоларни тартибга солишга ва Россия йўлларидаги вазиятни яхшилашга ёрдам беришини қўшимча қилди.