Ўзбекистон қонунчилигида ёшларга берилган айрим имтиёзлар

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни битиргандан сўнг 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Батафсил - мақолада.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўзининг “Ҳуқуқий ахборот” канали орқали қонунчиликда ёшларга берилган айрим имтиёзларни эслатиб ўтди.

Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшлари мукофотланди

1. Меҳнат кодексига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини, шунингдек, олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида тамомлаган ёшларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар берилади.

Хусусан, белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, 18 ёшга тўлмаган шахсларни, олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида тамомлаган ёшларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт.

Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларга меҳнат қонунчилигида қуйидаги имтиёзлар белгиланган:

  • дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва 18 ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилади;
  • камида 30 кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин;
  • тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади;
  • улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.

Иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 дан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Бунда уларнинг меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ҳамда олий ўқув юртларини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ишга қабул қилинганда, дастлабки синов муддати белгиланмайди.

Шавкат Мирзиёев ёшларни табриклади

2. Солиқ кодексига асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни битиргандан сўнг 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.

3. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабалар ҳамда ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган талабалар йиллик тўлов-контракт миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилади.

4. Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда қуйидаги имтиёзли кредитлар берилади:

  • оилавий тадбиркорликни ташкил этиш учун;
  • ипотека кредитлари (уч йиллик имтиёзли давр билан);
  • молиявий истеъмол кредитлари (олти ойлик имтиёзли давр билан).

Шунингдек, ёш оилаларга:

- микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер хўжаликлари, шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликлари бошланғич сармоясини шакллантириш учун;

- якка тартибдаги тадбиркорлик, микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларини кенгайтириш ва ривожлантириш учун микрокредитлар берилади.

5. Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларга Ёшлар уйларидаги сотиб олинадиган квартиралар қийматини тўлаш учун банклар томонидан 5 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг фоизли ставка билан 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитлари ажратилади.

Тошкентда "Ёшлар куни"ни кенг нишонланади

6. Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг контрактини тўлаш учун банклар томонидан таълим кредитлари берилади.

Бунда, чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);

талабаларнинг қолган тоифаларига — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.