Меҳнат вазири Кудбиев Фарғонада фуқаролар билан учрашмоқда

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишига ҳамда аҳоли билан ишлашда хатоликларга йўл қўйган бир нечта бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарлари ишдан озод этилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Фарғона вилоятида фуқаролар билан сайёр қабулини ўтказмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбирига вазирлик матбуот хизмати.

Меҳнат вазири Ўзбекистонда қайси соҳаларда кадрлар танқис эканини айтди

"Ўтказилган қабул давомида 130 дан ортиқ фуқаролар қатнашди. Меҳнат масалалари ва бандликка оид мурожаатлари тингланди, ижобий ҳал этилди", - деди Меҳнат вазирлиги вакили.

Таъкидланишича, Кудбиев билан учрашувга келган фуқаролар мурожаатининг аксарият қисми иш билан таъминлаш (45 фуқаро), меҳнат ҳуқуқи бузилаётгани (6), оилавий тадбиркорликни йулга қўйиш (5) билан боғлиқ бўлган.

Натижада, қабул жараёниниг ўзида 11 нафар мурожаатчининг муаммолари жойида бартараф этилиб, 42 та мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун тегишли ташкилот ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклаши марказларига топшириқлар берилди.

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишига ҳамда аҳоли билан ишлашда хатоликларга йўл қўйган бир нечта бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарлари ишдан озод этилган.

Меҳнат вазири хусусий бандлик агентликлари хизмати нархи қачон арзон бўлишини айтди

"Мурожаат килаётганларнинг купчилиги аёлларни ташкил этмокда. Баъзилари жамоат ишида доимий ишлашни ҳохлашади. Айримлари эса "Менга ўз соҳамда иш топиб беринг", деб мурожаат килишмокда. Иш стажи бўлмаса-да, қўлида малакасини тасдиқловчи дипломи ҳам бор. Масаслан, дипломида Ахборот технологиялари бўйича мутахассис, деб ёзилган. Айнан шу соҳаларда мутахассислар етишмайди ўзимизда. Лекин, IT соҳаси бўйича элементар Power Point программаси нима учун керак, деб сўрасангиз жавоб беришолмаяпти. Мен қандай қилиб қўлидаги дипломи билимига мос келмаган мутахассисни иш берувчига тавсия қиламан? Мана шу каби номутаносибликлар меҳнат бозорида бугунги ишсизликни келтириб чикараётган сабабларидан биттаси. Буни мен иш берувчи талабини қондирмаслик коэффициенти, деб атайман. Биздаги касб-ҳунар таълим сифати йиллар давомида иш берувчилар талабини қондира олмасдан келди", - деб айтган вазир Фарғона аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқот сўнгида.

Меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг вилоятлар бўйлаб сайёр қабули давом этмоқда.